Илк бор “Youth techno art — 2019” болаларнинг техник ижодкорлиги халқаро фестивали ўтказилмоқда

Жорий йилнинг 25 июль куни Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида техника соҳасида иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш ва уларни ҳар томонлама рағбатлантириш мақсадида “Youth techno art — 2019” болаларнинг техник ижодкорлиги халқаро фестиваль-танловининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур танловда Иордания қироллиги, Арманистон, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларидан жами 30 нафар иқтидорли ўқувчилар иштирок этмоқда.

Фестиваль-танловни ўтказишдан асосий мақсад, ўқувчилар ўртасида фан-техникани ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларига мувофиқ робототехника ва инженерлик қобилиятларини рўёбга чиқариш ҳамда улар ўртасида техник ижодкорликни ривожлантиришдан иборат.

Иштирокчилар авиа-ракетамодель, робототехника, радиотехника, электроника ва алоқа йўналишлари бўйича назарий ҳамда амалий шартлар асосида баҳоланади.

Назарий шартга кўра тўрт йўналиш бўйича тайёрланган маҳсулотлар схемаси ва ижод маҳсулининг яратилиши тарихи ҳамда унга ишлатилган маҳсулотлар ҳақида маълумотлар берилади. Амалий шартда эса иштирокчилар ўз ижодий ишларини тайёрлашади ҳамда уларнинг ҳаракатланиши ва қандай функция бажаришини намойиш этишади.

“Youth techno art — 2019” болаларнинг техник ижодкорлиги халқаро фестивали 26 июлга қадар давом этади.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *